Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Беҳзод Камолиддин

БЕҲЗОД Камолиддин (1455—Ҳирот-1536)—буюк миниатюрачи мусаввир, Шарқ уйғониш даври етук санъаткори. Ҳирот миниатюра мактаби асосчиси; музаҳҳиблар етакчиси, устози. «Иккинчи Моний» деган фахрий унвонга сазовор бўлган.
Тарихчилардан Мирзо Муҳаммад Ҳайдар, Дўст Муҳаммад ва Қози Аҳмаднинг маълумотларига кўра, Беҳзодни Султон Ҳусайннинг китобдори Мирак Наққош ўз тарбиясига олган. Беҳзод мусаввирликни Пир Саид Аҳмад Табризийдан ўрганган, ўз ижодида мусаввир Халил Мирзо Шоҳрухий бадиий услубини давом эттириб, уни ривожлантирган ва камолга етказган, ёш мусаввир истеъдоди жуда тез шаклланган. Бунда Алишер Навоийнинг мураббийлик фаолияти ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
Навоийнинг шахсий кутубхонасида ўша даврнинг етук санъаткорлари Мирак Наққош, Ҳожи Муҳаммад каби мусаввирлар, Ҳофиз Муҳаммад, Зайниддин Маҳмуд, Султон Муҳаммад Нур каби хаттотлар ижод билан банд бўлганлар. Беҳзод шу кутубхонада, айниқса, хаттот Султонали Машҳадий ва Ёрий Музаҳҳиб билан яқин ижодий ҳамкорликда бўлган. Беҳзод ижодининг мавзу доираси, қаҳрамонлари шу ерда—Навоий ва бошқа санъаткорлар ижоди таъсирида камол топган.
Беҳзод мусаввир сифатида танилгач, Султон Ҳусайн саройига хизматга чақирилган. 1487 йилда Султон Ҳусайн фармони билан Беҳзод салтанат кутубхонасига раҳбар этиб тайинланган. Кейинчалик бу жой ўз даврининг бадиий академиясига айланади. Уни мутахассислар «Нигорхонайи Беҳзод» ёки «Беҳзод академияси» деб атаганлар (қ. Ҳирот минниатюра мактаби).
Мусаввир Ҳиротда Навоий ва Султон Ҳусайн ҳаётлик даврида кизғин ижод билан банд бўлди, кўплаб мўътабар қўлёзмаларни яратишга раҳнамолик қилди, маълум қисмини нафис расмлар билан зийнатлашда шахсан иштирок этди, қатор замондошларининг—Навоий, Жомий, Султон Ҳусайн ва бошқаларнинг чеҳракушой (портрет)ларини яратди, бир гуруҳ ёшларга рассомлик сирларини ўргатди.
1507—1510 йилларда Беҳзод Ҳиротни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон хизматида бўлди. Бу даврдан бизгача Беҳзод яратган Шайбонийхон портрети етиб келган.
1510 йили Ҳирот шаҳри сафавийлар қўлига ўтади. 1520 йилда Шоҳ Исмоил ёш шаҳзода Таҳмосибга расм ўргатиши учун Беҳзодни ўз салтанати пойтахти Табриз шаҳрига таклиф этади, 1522 йили эса махсус фармон билан рассомни ўз кутубхонасидаги китобат аҳли (котиб, наққош, музаҳҳиб, жадвалкаш, ҳалкор, заркўб, ложувардшўй ва б.)га мутасадди этиб тайинлайди.
1524 йили Шоҳ Исмоил вафотидан кейин Шоҳ Таҳмосиб даврида ҳам Беҳзод катта обрў ва эътиборга эга бўлган. Табризда Беҳзод Султон Муҳаммад, Оға Мирак ва Мир Мансур каби мусаввирлар билан ҳамкорликда ижод қилди. Қози Аҳмаднинг маълумотига кўра, Беҳзод ҳаётининг охирида она шаҳри Ҳиротга қайтган ва шу ерда вафот этган. Мусаввирнинг қабри Кўҳи Мухтор (Мурод тоғи; Афғонистон ҳудудида)нинг хушманзара жойида.
Ўрта Шарқда 17-асргача рассомчиликда асосий тараққиёт йўналишини белгилаб берган Беҳзод ижоди унинг замондошлари томонидан юқори баҳоланган. Беҳзод ўзидан олдинги рассомлар анъаналарини давом эттирди ва бойитди. Асарларининг тархи мураккаб, эркин ҳаракатларга бой, ёрқин, жозибадор ранглардан тузилган бўлиб, улар ўзаро уйғун. Табиат жонли, ҳаёт манзаралари аниқ ва ҳаққоний, ишонарли ва таъсирчан тасвирланган. Чизиқлар ниҳоятда нозик, ранглар нафис ишланган. Портретларида инсон маънавий қиёфаси, руҳи, ҳис-туйғулари, хулқ-атворини акс эттиришга аҳамият берган.
Саъдийнинг «Бўстон» асари қўлёзмаси (1478, Дублиндаги Честер Битти кутубхонасида) расмлари; Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асари қўлёзмасига (1483, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида) 1487 йили чизилган расмлар; Навоийнинг «Хамса» қўлёзмасига (1485, Оксфорддаги Бодли кутубхонаси ва Манчестердаги Жон Рейландс кутубхонасида) ишланган 13 расмнинг «Пайғамбар ўз саҳобалари билан», «Хожа Абдуллоҳ Ансорий дарвишлар билан суҳбатда», «Моний Баҳромга Дилоромнинг расмини кўрсатмоқда» ва б. миниатюралар Беҳзодга нисбат берилади. Саъдийнинг «Бўстон» асарининг Миср нусхаси (1488, Қоҳирадаги Миллий кутубхонада) расмлари (қўлёзмани хаттот Султонали Машҳадий кўчирган, нақшларни Ёрий Музаҳҳиб яратган)—12 расмдан 6 тасида Беҳзод имзоси бор: «Султон Ҳусайн саройида зиёфат» (қўш расм), «Доро ва отбоқарлар», «Мас-жиддаги баҳс», «Олимлар суҳбати», «Зулайҳонинг Юсуфга илтижоси» номли расмлар Беҳзод томонидан яратилган; Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асари қўлёзмасининг (1467, АҚШ, Балтимордаги Жон Хопкинс ун-тида) хаттот Шерали кўчирган нусхасидаги 12 миниатюранинг 8 таси (15-а. 90-й.лари) Беҳзод асаридир. Расмларда расмий қабул, жанг лавҳалари, қалъа қамали билан бир қаторда Самарқанддаги Бибихоним масжиди қурилишини тасвирловчи қўшалоқ расм ҳам мавжуд; Шарафуддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарининг хаттот Султон Муҳаммад Нур кўчирган нусхасига (1528, Ҳирот, Теҳрондаги Салтанат кутубхонасида) Беҳзод расмлар чизган; Низомийнинг «Хамса» асари нусхасига (1442, Лондондаги Британия музейида) 1493—1535 й.лар давомида ишланган 19 миниатюрадан 3 таси Беҳзод ижоди маҳсули: «Лайли ва Мажнун қабилалари жанги», «Суворийлар жанги» ва «Баҳром Гўрнинг аждар билан олишуви». Буларда «Саварраҳу ал-абд Беҳзод» деган ёзув бор. Низомийнинг «Хамса» асари нусхасидаги (1494, Лондондаги Британия музейида) 22 расмдан 7 тасида Беҳзод номи қайд этилган; Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» достони қўлёзмасига (1495, Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номидаги халқ кутубхонасида) Беҳзод «Лайли ва Мажнун мактабда», «Дўстлари ва отаси Мажнунга насиҳат қилмокдалар» номли расмларни чизган; Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» достонининг Султон Муҳаммад Ҳиравий кўчирган қўлёзмаси (Санкт-Петербург)да Беҳзодга нисбат берилган «Мадрасадаги баҳс», «Лайли ва Мажнун мактабда», «Лайли ва Мажнун саҳрода», «Мажнун Лайлининг ити билан» ва «Мажнуннинг элчиси Лайли ҳузурида» номли миниатюралар бор; Саъдийнинг «Гулистон» асари қўлёзмасининг (1486, Гарварддаги Фогг санъат музейида, собиқ Ротшильд мажмуасидан) хаттот Султонали Машҳадий кўчирган нусхасига Беҳзод 2 расм ишлаган; Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Хамса» асари қўлёзмасидаги (1495, Дублиндаги Честер Битти кутубхонасида) 13 расмнинг 4 тасида Беҳзод асарларига хос хусусиятлар мавжуд; «Султон Ҳусайн боғда» қўшалоқ расм (1485—90, Теҳрондаги Гулистон музейи, мураққада); «Чол ва йигит» расми (Нью-Йорқдаги Кеворкян мажмуасида); «Туялар олишуви» расми (Теҳрондаги Гулистон музейида); Султон Ҳусайн портрети (Швециядаги Ф. Мартин мажмуасида); Муҳаммад Шайбонийхон портрети (Тимкен Бурнет мажмуасида); Абдураҳмон Жомий портрети (Эрондаги Ризо кутубхонасида); «Султон Ҳусайн ва Алишер Навоий» қўшалоқ расм (Санкт-Петербургда).
Булардан ташқари, Беҳзод асарлари жаҳон кутубхоналари, қўлёзма фондлари, музейлари ва шахсий мажмуаларда ҳам мавжуд. Устод санъаткор сифатида Беҳзод Ҳирот ва Табризда қатор шогирдларни тарбиялаб етказди. Унинг шогирдлари Беҳзод анъаналарини бутун Ўрта Шарққа ёйдилар.
Беҳзод анъаналари кейинги давр рассомлари ижодига ижобий таъсир кўрсатди (қ. Беҳзод миниатюра мактаби). Беҳзод ижоди ва мероси санъатшунослар, рассомлар томонидан кенг ўрганилади. Беҳзод номини абадийлаштириб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фармони (1997 й. 23 янв.)га биноан Камолиддш Беҳзод номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди; Миллий рассомлик ва дизайн институтига Беҳзод номи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 23 декабрдаги қарорига биноан, 2000 йил ноябрида Тошкент, Самарқанд шаҳарларида ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО ҳомийлигида Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги кенг нишонланди, унинг ва издошларининг ижодини ўрганиш, меросига оид ашёларни тўплашга ҳамда Тошкент шаҳрида Беҳзод номидаги мемориал боғ барпо этишга киришилди. 2000 йил 23 ноябрда Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейида Беҳзодга бағишлаб Буюк Британия, Туркия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон санъатшунос олимлари иштирокида халқаро илмий конференция ўтказилди. Юбилей муносабати билан Беҳзод ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қанча тадбирлар амалга оширидди. Жумладан, 2000 йили 2 қисмли «Камолиддин Беҳзод» ҳужжатли фильми яратилди.