Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Маҳмуд Кошғарий

398.jpg

Маҳмуд Кошғарий
     XI аср

 

Маҳмад Кошғарий Марказий Осиёда илк Ўрта аср маданиятининг буюк арбобларидан бўлиб, тилшунослик соҳасида, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди.
     Маҳмуднинг отасини исми Ҳусайн, бобоси Муҳаммад бўлиб, келиб чиқиш ва тилига кўра Кошғарий нисбатини олган. У XI асрда туғилиб, яшаб ижод этди. Бу даврда Мовароуннаҳрда Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар сулоласи эгаллаган, туркий адабий тил минтақада кенг урф бўла бошлаган эди. Ҳатто Аббосийлар халифалиги марказларида, азалдан араб ва бошқа сомоний халқлар яшаб келган ўлкаларда туркий ўлкалар намояндалари кўпайиб, туркий тилга эътибор ошган эди. Маҳмуд Кошғарй ҳам ўзининг узоқ йиллар давомида бунёд этган “Девони луғатит турк” китобини ҳижрий 469 (1074/75) йилда тугаллаб, аббосий халифалар авлодидан бўлган баланд мавқели Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммад ал-Муқтадога бағишлаган. Асарнинг асосий матни ўша даврда кенг минтақа мусулмон Шарқида, бутун Яқин ва Ўрта Шарқда дин, фан тилига айланган араб тилида ёзилган бўлиб, туркий тилнинг бойлигини, мазмундор ва ранг-баранглигини тушунтириш учун ёзилган, деб тахмин қилиш мумкин.
     Маҳмуд Баласоғунда туғилиб, шу ерда йигитлик чоғларини кечирган бўлса ҳам, узоқ йиллар “Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган” туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқди, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой материал тўплади.
     Кошғарий асари, ўзи таъкидлашича, “олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда” тузилган. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга осонлик туғдириш учун содда ва лўнда ёзилган. Унда қадим турк алифбоси, фонетик қонуниятлар, орфоэпик ва орфографик қоидалар пухта тушунтириб берилган. Луғатда туркий сўз тузилиши анъаналари, жумладан, сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид фикрлар баён этилган. Муаллиф кўрсатишича, китоб 8 бўлимдан, муқаддима ва хулосадан иборат. Ҳар бир бўлимда от-исм сўзлар, феъллар қулайлик учун алоҳида ажратиб берилган. “Девон”да 7500 дан ошиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган. “Девону луғатит турк” ҳам адабий тил, ҳам асосий туркий шеваларни қамраб олган бўлиб, ундаги адабий тил, шева унсурлари нисбати ўртача адабий тилдаги 10-12 сўзга, шевага оид бир сўзга тўғри келади, яъни умумтуркий адабий тилга айрича аҳамият ажратилган.
     Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га  яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 сатрдан ошиқ шеърий парчалар ушбу асар саҳифаларидан ўрин олган. Шеърий парчаларнинг кўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос тўртликлардан иборат. Аммо “Девон”да келтирилган шеърий сатрлардан 150 сатрга яқини ислом даври шеъриятига хос бўлган “байт” типидаги маснавий, қасида, ғазал, қитъа парчалари бўлиб, уларни Кошғарий ўзи ҳам кўпинча “байт” деб атайди. Китобда 7 та эпик достон, ишқий қўшиқлар, пандномалар, коинот яратилишига оид асотир, шеърлар, табиат манзаралари тасвири, мадҳиялар, фалсафий мушоҳадалар учрайди. Қошғарий девонида келтирилган VIII- IX асрларга оид туркий шеърият намуналарида у ёки бу даражада аруз вазнига ўтиш мойиллиги сезилади. Арузнинг ражаз, рамал, мунсариҳ, ҳажаз, басит, қариб, мутақариб вазнлари туркий шеърият намуналарида ишлатилган бўлиб, айниқса ражаз баҳридан кенг фойдаланилган. Бундай шеърларни муаллиф ўзи алоҳида уржузалар деб номлайди. Улар туркий халқ шеъриятида кенг тарқалган бўлиб, бу баҳр оҳанги туркий шеърият табиатига мос келишидан бўлса керак.
     “Девон”даги эпик достон-қўшиқлар кўпроқ жангнома характерида бўлиб, баъзи йирик парчаларга шартли равишда “Тангутлар билан жангнома”, “Ўйғурлар билан жангнома”, “Ябаку билан жангнома” деб ном қўйилган. Улар ўз мазмунига кўра арабларнинг жоҳилия давридаги қабилалараро жанглари тасвирланган эпик ривоятларга ўхшаб кетади, фақат арабларда бу жанр насрий, туркий халқларда эса шеърий шакл устундир. Уларда туркий элатларнинг шижоати, қийинчиликларга бардоши, жасурлиги, ҳарбий ҳийлалар, сиёсий кураш, элпарварлик, мардлик, ҳикмат, меҳр ва қаҳр туйғулари жонли, қайноқ мисраларда тавсиф этилган. Шу билан бирга қабилавий бошбошдоқлик, ўзаро низо-адоватлардан ўкиниш, бирлашишга, иттифоққа интилиш майллари ҳам сезилиб туради. Буюк турк хоқонлигининг тушкунлик ҳолати, ягона бирлаштирувчи ғоянинг етмаслиги ушбу қўшиқлар кўпроқ исломдан илгариги оғзаки шеърият намуналари эканидан дарак беради. Қадимги эпик қўшиқлардан “Девон”да сақланган икки йирик асар кўпчиликнинг диққатини тортиб келади. Булардан бири “Али Эр Тўнга марсияси”, иккинчиси “Қиш ва ёз” мунозарасидир. Марсия 44 сатрдан иборат. Унда маълум маънода туркий эл ўзининг  севимли қаҳрамони, хоқони ва йўлбошчисигагина эмас, бой берилган имкониятлари, парчаланган элати, тушкунликка юз тутган туркий империядаги маънавий йўлсизлик ҳолатига ҳам мотам қилади, кўз ёш тўкади. Бу қўшиқ халқ оғзаки ижодидаги “йиғи” жанрининг адабийлашган намунаси деса бўлади. “Қиш ва ёз” мунозараси туркий мунозара жанрининг бизгача етиб келган биринчи ёрқин намунаси бўлиб, унда туркий элатларнинг бутун табиати, яшаш, тафаккур тарзи, севинчлари, қайғулари батафсил акс этган. Айниқса, табиатга меҳр гўзал ифода топган.
     Девонда ислом давр шеърияти асосан ишқий, фалсафий-дидактик, мадҳиявий қасида ва шеър намуналари билан намоён бўлган. Девондаги биргина мадҳиявий қасидадан парча аёл кишига – маликага бағишланган. У ташаккурнома йўсинда ёзилган бўлиб, аруз вазнининг “мунсари” баҳрига тўғри келади. Фалсафий-дидактик, мадҳиявий қасида ва маснавийлар панднома йўсинида бўлиб, туркий элатлар маънавиятига хос бўлган бундай йўналиш “Девон”да кўпроқ акс этган. Уларда илм ўрганиш ташвиқ этилади, жаҳолат, кибру-ҳаво қораланади, саховат ва ҳиммат, меҳмондўстлик улуғланади, мол-дунёга ҳирс қўйиш, бахиллик ва очкўзлик фош қилинади, ота-онани ҳурматлаш, уларнинг сўзига қулоқ осишга даъват этилади.
     “Девону луғатит турк”да келтирилган қасида ва қатралар мазмун жиҳатдан ўша даврнинг туркийзабон шоири Юсуф Хос Ҳожиб достони мавзулари билан жуда уйғундир. Шу жиҳатдан ҳам ундаги парчаларни Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”ига ва Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари орасидаги давр шеъриятига мансуб эканлигини тан олиш мумкин.
     Маҳмуд Кошғарий асарида дунё харитаси доира шаклида чизиб кўрсатилган. Унинг марказида Марказий Осиё жойлашган. Баласоғун, Шош, Ўзган, Исфижоб, Марғинон каби шаҳарлар ушбу ҳудудга алоқадор кўрсатилган. XI аср жуғрофий тасаввурларидан дарак берувчи хаританинг илова қилиниши Кошғарийнинг қомусий аллома эканини яна бир марта исбот этади.
     Маҳмуд Кошғарийнинг исломдан илгариги ва илк ислом даври туркий маданият обидаларини тадқиқ этиш, тўплаш ва авлодларга етказиб беришдаги хизматлари ниҳоятда улкандир. Унинг тарих, этнография, тарих-жуғрофия хусусидаги кенг билим доираси, тил ва адабиёт соҳасидаги қомусий салоҳияти, тадқиқ қудрати бугунги кунда ҳам ҳайратланарали даражада эди. Унинг китобида жамланган аниқ-равшан маълумотларни VIII-XI асрлар ҳам туркий адабий тил ва бадиий адабиётнинг, ҳам халқ оғзаки ижоди ва турли лаҳжаларнинг бой манбаи бўлгани сабабли имкон доирасида батафсил тавсиф этилди.
   
“Девону луғатит турк”ни ўша даврларда Марказий Осиё минтақасида яшаган туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. Бу асар устида тадқиқотлар олиб борган Фитрат, С. Муталлибов, И. В. Стеблева, В. В. Решетов, Ғ. Абдурахмонов, А. Рустамов каби олимлар Маҳмуд Кошғарийни қадимги туркий тилларни ўрганишга буюк ҳисса қўшган ўз даврининг ўта билимдон олими эканлигини таъкидлайдилар. “Девону луғатит турк” 3 томда, ўзбек тилида нашр этилган. Ҳозирги замон жаҳон илмий жамоатчилиги XI аср буюк олими Маҳмуд Кошғарийни қиёсий тилшуносликнинг асосчиси, деб тан олади.