Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Нажмиддин Кубро

Нажмиддин Кубро
(1145-1221)

Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубравия тариқатининг асосчиси. Унинг ҳаёти, кароматлари, саховату қахрамонликлари ҳақида эл орасида кўплаб афсона ва ривоятлар мавжуд. Халқимиз ўзининг бу азиз ва табаррук фарзандини эъзозлаб, асрлар давомида номини хотирасида сақлаб келмоқда. Тасаввуфга оид манбаларда ҳам Нажмиддин Кубронинг ишлари, мартаба ва мўъжизалари ҳақида сўз боради. Маъхазларнинг муаллифлари, одатдагидай, шайхнинг таржимаи ҳолини  қисқача маълумотлар бериш билан кифояланган ҳолда, кўпроқ ул зотнинг кўрсатган кароматларини баён этиш, устозлари кимлигини айтиш ва тариқатдаги нисбат – силсиласини аниқлашга эътибор берганлар. Атоқли шарқшунос олим Е. Э. Бертельс хоразмлик улуғ шайхнинг таржимаи ҳолини ўрганиш сари биринчи қадамни қўйиб, маъхазлардан Нажмиддин Кубро рубоийларини йиғиб эълон қилган ва шайх ҳақидаги бир қадимги ўзбекча қиссани мазмунан қисқача баён қилиб берган эди.

            Нажмиддин Кубро 1145 йилда Хева шаҳрида дунёга келади. Унинг асл номи Аҳмад бин Умар бин Муҳаммад ал-Хевақий ал-Хоразмий бўлиб, “Нажмиддин”, “Кубро”, “Абулжанноб”, “Валийтарош” сўзлари бу зоти мукаррамнинг лақаб, унвон ва куниятидир. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул унс”асарида қайд этилишича, Аҳмад ёшлигидан илм-донишга қизиққан қобилиятли киши бўлган экан. У ислом асослари, шариат илмларини жуда тез ўзлаштириб олиб, Хоразмнинг манман деган уламоларидан  ўзиб кетади ва илмий баҳсларда барчадан ғолиб чиқади. Шу боис унга “Тамматул кубаро”, яъни уламоларнинг етуги, улуғвори ва илм балоси деган лақабни олади. Бунинг ёнига “Нажмиддин” – “диннинг юлдузи” деган мартаба-унвон қўшилиб, Аҳмад бин Умар шундан кейин Нажмиддин Кубро номи билан машҳур бўлиб кетади.

            Нажмиддин Кубро тахминан ўн олти-ўн етти яшарлигида Ватани Хоразмни тарк этиб, таҳсилни чуқурлаштириш мақсадида Эрон, Миср, Шому Ироқ мамлакатларини кезади. Уни илмга чанқоқ қалби ҳеч тинч қўймас, қаердаки бирор номдор олимнинг овазасини эшитса, дарҳол йўлга тушар, гоҳ пиёда, гоҳ от-улов ёки туяда ҳафталаб, баъзан ойлаб йўл босар, қидирган кишисини топиб, ундан сидқидилдан сабоқ оларди, агар кўнгли тўлмаса, ижозат олиб, яна йўлга тушарди.

            Ш тариқа Нжмиддин Кубро Бағдод, Табриз, Нишопур, Тус, Дизфул шаҳарларидаги атоқли олимлардан шариат илмлари, ҳадис ва тафсирни чуқур ўзлаштириб, донишманд инсон бўлиб етишади.Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Нажмиддин Кубро илк дафъа Мисрга бориб, Шайх Рўзбеҳон ал-Ваззон Мисрийга (1189 йилда вафот этган) мурид тушади. Бир неча йил Шайх Рўзбеҳон раҳбарлигида тариқат одобини ўрганади, шайхнинг қизига уйланади. Шайх Рўзбеҳон Нажмиддинни фарзандидай яхши кутиб, ғамхўрлик қилган. Аммо бетоқат Нажмиддин яна сафарга чиқади ва Табризга қайтиб келиб, Абумансур Ҳафдаҳ олдида “Шарҳ ас-сунна” китоби бўйича ҳадис ўрганишни давом эттиради. Нажмиддин Кубронинг ҳаётидаги бурилиш шу ерда бошланади. Чунки у Табризда Бобо Фараж исмли бир “мажзуб” (девона) дарвеш билан учрашиб қолади.   Бобо Фаражнинг кароматлари таъсирида уламолар билан суҳбатни бутунлай тарк этиб, астойдил сулукка берилади, ботиний оламини равшанлаштириш учун пири муршид қидиришга тушади. У Ҳамадонда Шайх Аммор Ёсир (1187 йилда вафот этган) ҳузурига бориб, унинг хизматида бўлади. Аммор Ёсир уни Шайх Исмоил Қасрийга тавсия қилади. Исмоил Қасрий Нажмиддиндаги такаббурлик, зоҳирий илмларга бино қўйиш майлини синдириб, маънавий – маърифий камолот босқичларига кўтарилишга ёрдам беради. Нажмиддинда ботиний ажойибот пайдо бўлиб, валийлик аломати кўрингач, Шайх Исмоил унга иродат хирқаси (ёки “хирқаи асл”) кийдириб, Хоразмга қайтиб бориб, у ерда тариқатни жорий этишни тавсия қилади.

            Нажмиддин Кубро Шайх Исмоил қўлидан “иродат хирқаси”ни олгач, Мисрга боради. Шайх Рўзбеҳон уни яна бир марта имтиҳон қилиб, тасаввуф илми ва тариқат одобини нозик жиҳатларигача ўзлаштирганига қаноат ҳосил қилгач, энди юртингга бориб, бу таълимотни ёйишинг мумкин деб ёзма ҳужжат – “ижозат” хати беради. Нажмиддин пирининг маслаҳатига кўниб, оиласини олиб Хоразмга келади.

Нажмиддин Кубронинг буюк сўфий шайх бўлиб етишишида мазкур уч нажиб инсон – Рўзбеҳон Мисрий, Аммор Ёсир ва Исмоил Қасрийларнинг хизмати сингган.

Нажмиддин Кубро  Хоразмга 1185 йилда қайтиб келади. Демак, бу вақтда у қирқ яшар бўлиб, йигирма беш йилдан ортиқ умрини илм таҳлилига бағишлаган эди. У Хоразмга қайтгач, катта хонақоҳ қурдириб, тариқатда янги бир мактаб – йўналиш ҳисобланмиш кубравия сисиласини асослади. Унинг қўли остида юзлаб одамлар тарбияланиб, ислом маърифатидан, илоҳий ирфондан баҳраманд бўлдилар. Нажмиддин кишиларни эзгуликка, илмга, саховат ва мардликка даъват этди.

Нажмиддин Кубро тасаввуфнинг буюк амалиётчиларидан биридир, унгача Хоразм халқи ушбу таълимотдан бебаҳра эди. Улуғ шайх амалий фаолияти хулосаларини “Фавойиҳул жамол ва фавотиҳул жалол” (“Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи”), “Ал-усул ал-ашара” (“Ўнта усул”) номли китобларида жамлаб тасниф этган. Ҳожи Халифа Нажмиддин Кубронинг арабча асарлари сонини саккизта деб кўрсатади. Шайхнинг форс тилида ёзган “Фи одобус соликин” (“Соликлар одобида”) номли рисоласи ҳам бор.

Нажмиддин Кубро аксар сўфий шайхлар каби рубоий ёзиш билан шуғулланган. Унинг рубоийлари шайхнинг қарашлари, ички дунёси, ботиний кечинмаларини билиб олишимизга ёрдам беради. Ҳар ҳолда бадиий ижод кишининг қалби ва руҳини ёрқинроқ акс эттиради. Шайх рубоийлари ичида нафсни мазаммат этувчилари, илоҳий маърифат асрорининг кашфидан хурсандликни ифодаловчилари, дарвеш кечинмаларини, сўфиёна дард-ҳаяжонларини берувчи ва умуман комил инсоннинг қарашларини акс эттирувчилари бор.

Нажмиддик Кубро рубоийларида фалсафий мушоҳадалар, таваккул, тақдир ҳақида, оламнинг тузилиши ҳақида ўйлар акс этган. Бу жиҳатдан унинг бир неча рубоийси Умар Хайём рубоийларига мазмунан ўхшаб кетади ва яна қизиғи шуки, XIV аср хоразмлик шоир ва сўфий Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари билан ҳам оҳангдошлик сезилади.

Нажмиддин Кубро 1221 йилда Чингизхон тўдаларига қарши жангда шаҳид бўлади. Душман Хоразмга яқинлашганда, Муҳаммад Хоразмшоҳ қочиб кетган, лашкар пароканда эди. Шайх муридларини жамлаб, уларга қараб бундай дейди: “ Машриқдан келган бу бало Машриқу Мағрибни яксон этади, ёндириб кул қилади. Сизлар ҳар бирингиз ўз юртингизга боринг, ўз жонингизни асраш пайида бўлинг”. Асҳоб шайхга илтимос қилиб дедилар: “От-уловлар тайёр, агар шайх биз билан ҳамроҳ кетишни ихтиёр этсалар, яхши бўларди”. Бунга жавобан Шайх Нажмиддин Кубро дейди: “Мен бу ерда шаҳид бўламан, менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ”.

Куффор, яъни мўғул аскарлари Гурганжга кирганда, шайх қолган-қутган муридлари билан жангга шайланади. У хирқасининг устидан белбоғ боғлаб, қўйинларини тош билан тўлдиради, қўлига найза олиб, душман қаршисига чиқади. Кофирларга қараб тош ота бошлайди, бир нечтасини найза билан уриб йиқитади. Аммо кофирлар унинг устига камон ўқи ёғдирадилар. Бир ўқ келиб кўкрагига тегади. Етмиш беш яшар мўйсафид - илоҳий илҳомдан маърифат топиб, қалбларни нурлантирган шайхи кабир ҳолдан тойиб, кучи кетаётганини сезса ҳам, жанггни тўхтатмайди, душман байроғини ғазаб билан маҳкам тутамлаб олади-да, шу ҳолатда жон беради. Дейдиларким, вафотидан кейин ўнта одам унинг маҳкам  қисилган панжалари орасидан байроқни зўрға ажратиб олган.

Улуғ шайх ва донишманд инсоннинг бу қаҳрамонлиги, жасорати душманни ҳам ҳайратга солган. Бу иш авлодларга ибрат бўлди, халқ орасида афсонага айланиб кетди.