2017 йил 12 апрель куни Аҳмад Фарғоний номидаги ахборот-кутубхона маркази тадбирлар залида “Эртаклар – яхшиликка етаклар” номли театрлаштирилган кеча бўлиб ўтди. Кечада Фарғона шаҳридаги 86-махсус болалар интернати ҳамда 9-умумтаълим мактабининг ўқувчилари иштирок этдилар.
Эртакнинг муҳим хусусиятларидан бири унинг ҳамиша халқ ҳаёти, кураши, тарихи, руҳий олами, дунёқараши, урф-одатлари билан чамбарчас боғланиши, инсонларга ахлокий ва маънавий йўлдош бўлиб келишидадир. Эртакларда қаҳрамонлар маънавий ва жисмоний кучига ишонч руҳи билан суғорилган бўлиб, ижобий кучлар табиат ва ижтимоий ҳаётда ўзига душман бўлган кучларга қарши курашда доимо ғолиб чиқади. Эртакларда яратувчилик, дунёқараш, ахлоқ нормалари ва бошқа ижтимоий муҳим масалалар одилона ҳал этилади.
Эртаклар содда ва тушунарли бўлгани учун ҳар қандай китобхонга тез етиб боради. Улар орқали ҳам инсоннинг ижтимоий ахлоқ нормалари шаклланади. Мана бугун ҳам болалар эртак қаҳрамонлари билан биргаликда кулишди, завқланишди ва ҳайратланишди.
Айниқса, Фарғона вилоят Қўғирчоқ театрининг “Мўъжиза” номли спектаклидаги қаҳрамонларнинг ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиши болалар учун ўрнак бўлиши, шубҳасиз. Эртакларда эл-юртни кўз қорачиғидай авайлаб сақловчи ажойиб қаҳрамонлар улуғланади, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Узоқ масофалар яқин қилинади, кишилар характеридаги ярамас одатлар, номаъқул иллатлар танқид остига олинади, мардлик, эпчиллик, довюраклик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, вафодорлик, сахийлик ғоялари улуғланади.
Кечада фаол иштирок этган болажонларга эсдалик совғаси, китоблар туҳфа этилди. Болажонларнинг кўзидаги ҳайрат ва ҳаяжон, эртак қаҳрамонларига, китобларга бўлган қизиқишлари келгусида уларни кутубхонамизнинг фаол аъзосига айлантириши, шубҳасиз. Сизларни кутиб қоламиз, азиз болажонлар!