Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Yangiliklar

« Ортга қайтиш

Онлайн ҳуқуқшунос  22.02.2021 12:38

        Савол: Квартирада туғилганимдан бери яшайман. Тепа қаватдаги квартирада мулкдор 10 йилдан буён яшамайди.
Қонун ҳужжатларида узоқ муддат давомида квартирада ҳеч ким истиқомат қилмаган ҳолатларда мулкдор мулкчилик ҳуқуқини йўқотадиган регламентлар мавжудми? Шундай бўлса, қандай шарт-шароитлар бунга сабаб бўлиши мумкин?
        Жавоб: Уй-жойга бўлган мулкчилик ҳуқуқи қуйидаги ҳолатларда йўқотилиши мумкин:
  • мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув учун мурожаат қилинганда (ФК 199-м.);
  • Национализация қилинганда - ҳақ тўлаш асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ихтиёрига ўтказишда (ФК 202-м.);
  • реквизиция қилинганда - табиий офатлар, авариялар ва бошқа вазиятларда қийматини тўлаган ҳолда мол-мулк олиб қўйилганда (ФК 203-м.);
  • мусодара қилинганда - мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан олиб қўйилганда (ФК 204-м.);
  • давлат органининг қарорига кўра - мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади (ФК 206-м.).
Уй-жой хусусийлаштирилмаган ва ижарага берилаётган бўлса, ижара шартномаси кейинчалик чиқариб юбориш билан қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:
  • агар турар жой доимий яшаш учун яроқсиз бўлиб қолса, шунингдек у авария ҳолатида бўлса;
  • агар турар жой жойлашган уй бузилиши керак бўлса;
  • агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи 6 ойдан ортиқ муддат учун турар жой ҳақини тўламаса, қисқа муддатли ижарада эса, шартномада белгиланган тўлов муддатини ўтказиб 2 мартадан ортиқ тўламаса;
  • ижарага олувчи ёки хатти ҳаракатлари учун ижарага олувчи олувчи жавоб берадиган фуқаролар турар жойни бузса ёхуд шикастлантирса. Турар жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавоб берадиган бошқа фуқаролар турар жойдан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган бўлса, ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузаётган бўлса, ижарага берувчи ижарага олувчини огоҳлантириши мумкин ва бу талаблар бажарилмаганда турар жойни ижарага бериш шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақлидир (УЖК 69-м. 4, 5-қ.).
Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек бино эгалари томонидан уй-жой ва нотурар жой бинолари берилган шахслар томонидан давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш, қўпорувчилик, терроризм, босқинчилик талончилик, қасддан одам ўлдириш ҳамда бошқа ўта оғир ва оғир жиноятлар содир этиш ҳоллари аниқланган тақдирда, ушбу бинолар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг суриштирув ва тергов органлари қарори бўйича улар ўзгаларга берилмаслиги учун хатланади. Айбланувчининг жиноят содир этишдаги айби исботланган бўлса, у ушланган ёки қидирувда бўлса, шунингдек айблов ҳукми қонуний кучга киргандан кейин ушбу уй-жой ва нотурар жой бинолари белгиланган тартибда давлат даромадига мусодара қилинади (ВМнинг 1.03.1999 йилдаги 93-сон қарори 1-банди).
Қўшнингиз - чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг "Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида уй-жой сотиб олинишини тартибга солиш тўғрисида"ги қарорига (27.02.1999 йилдаги 92-сон) мувофиқ уй-жойнинг эгаси ҳисобланган, яшаш жойида бўлмаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан коммунал хизматлар ва уй-жойдан фойдаланиш харажатлари учун узоқ вақт давомида (12 ойдан ортиқ) ҳақ тўламанган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига кўра коммунал хизматлар ва уй-жойдан фойдаланиш харажатларига ҳақ тўлаш юзасидан қарзларни ундириш масаласини ҳал қилиш учун уй-жой белгиланган тартибда хатлаб қўйилади.