Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Аҳмад ал-Фарғоний

389.jpg

Аҳмад ал-Фарғоний
(797 - 865)

            Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Манбаларда унинг фарғоналик эканлигидан ташқари деярли бошқа маълумотлар сақланмаган. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, ўрта асрларда мусулмон ўлкаларида бўлган анъанага биноан, мамлакат пойтахти ёки марказини ҳам мамлакат номи билан аташган. Баъзи араб мамлакатларида бу одат ҳозир ҳам сақланиб қолган. Мисрнинг пойтахти Қохирани - Миср,  Шом (Сурия) нинг пойтахти Дамашқни Шом дейилиши шундан. Ана шу одатга кўра, ўрта асрлардаги Фарғона водийсининг марказий шаҳри Ахсикатни ҳам Фарғона дейишган. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Шуниси маълумки, ал-Фарғоний халифа Хорун ар-Рашиднинг шарқий ерларидаги муовини, ўғли Абдуллоҳнинг (бўлажак халифа ал-Маъмуннинг) Марвдаги олимлари доирасига кирган. Эҳтимол Абдуллоҳ ёшлигидан билимга чанқоқ бўлгани учундир, 806 йили Марвга ноиб бўлиб тайинланганида, Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразмдан олимларни ва истеъдодли ёшларни тўплай бошлаган. Бу олимларнинг асосий қисми Абдуллоҳ у ерга келганидан аввалроқ тўпланган  бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунки Марв аввалдан, Сосонийлар давриданоқ йирик илмий марказ ҳисобланган. 615 йили энг сўнги Сосоний шаҳаншоҳ Яздигард ибн Шаҳриёр араблар таъқибидан қочиб бу ерга келганида пойтахтдаги кутубхона китобларини ҳам олиб келганлиги маълум.

            Халифа Хорун ар-Рашид 809 йили Тусда тўсатдан вафот этади ва унинг васиятига кўра, Бағдодда тахтга катта ўғли - Муҳаммад ал-Амин номи билан ўтиради. Саройдаги хуросонлик аъёнлар эса Абдуллоҳни тахтни  қўлга олишга даъват этадилар. 811 йилдан 813 йилгача ака-ука Муҳаммад ва Абдуллоҳ ўртасида тахт учун олиб борилган кураш Абдуллоҳнинг ғалабаси билан тугайди ва Муҳаммад қатл қилинади. Ўша йили Абдуллоҳ тахтга ал-Маъмун номи билан ўтиради. Лекин у Бағдодга бормай 819 йилга қадар Марвда яшайди. Натижада Марв 813 йилдан то 819 йилгача халифаликнинг вақтинча пойтахти бўлиб туради. 819 йили ал-Маъмун  бутун сарой аъёнлари ва уламолари билан бирга Бағдодга кўчиб ўтади. Шундай бўлса ҳам ал-Маъмун қўл остида у тузган илмий марказ "Байт ул-ҳикма"да ишлаган олимлар орасида ал-Фарғоний номи эслатилмайди. Бунинг сабаби, шундай бўлиши мумкин: у даврда халифаликда иккита расадхона фаолият олиб борарди, бири Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси  Дамашқ яқинидаги Касиюн тепалигида эди. Бу расадхоналарнинг ҳар бирида "Байт ул-ҳикма" олимларининг иккита доимий гуруҳлари ишлар эди. Ана шу олимларнинг ўзи расадхоналари ҳожатидан келиб чиқиб, илмий экспедициялар уюштирардилар ва умумий раҳбарлик Бағдоддан туриб бошқариларди. Балки, ал-Фарғоний Дамашқдаги олимлар гуруҳида бўлиши, ал-Маъмун уни Бағдодга келиши биланоқ у ерга юборган бўлиши мумкин. Абу Райхон Берунийнинг бир хабари шундай тахминга асос бўлади. Унинг айтишига кўра, Бағдод расадхонасининг ишида Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Хоразмий ва бошқа олимлар, Дамашқ расадхонасида эса Холид ибн Абдумалик ва ал-Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар. У шунингдек, ал-Фарғонийнинг Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832-833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этганини ҳам айтган.

            Ниҳоят, ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси сув сатҳини белгиловчи ускунани ясаган.

            Ал-Фарғоний ҳаётининг муддати ҳақида ҳам қиёслар қилиш мумкин. Агар унинг ҳаётини ал-Хоразмийнинг ҳаёти билан қиёс қилсак, қуйидаги ҳулосага келамиз. Маълумки, ал-Хоразмийнинг номи ёзма манбаларда охирги марта 847 йили халифа ал-Восиқнинг ўлими муносабати билан эслатилади ва шундан сўнг учрамайди. Шунга кўра унинг ўлган йили деб 850 йил қабул қилинган. Ал-Фарғонийнинг номи охирги марта 861 йили Нилнинг сатҳини ўлчагич ускунасини таъмирлаш муносабати билан эслатилади. Яна бир маълумотга кўра, ал-Фарғоний Мисрда насронийлар орасида яшаб, уларнинг динига ўтганлиги ва шунинг учун у қатл қилинганлиги қайд этилади. Лекин, қатл қилинган йили эслатилмайди. Лекин бу ал-Фарғоний ўша машҳур астроном ал-Фарғонийми ё бошқасими - бу номаълум. Ҳар ҳолда ал-Фарғоний 861 йилдан кейин кўп яшамаган ва унинг ўлган йили деб 865 йилни қабул қилиш мумкин. Агар у ал-Маъмун билан 819 йили Марвдан Бағдодга кетаётганда 20-25 ёшлар чамасида бўлган десак, у ҳолда унинг туғилган йили деб 797 ёки 798 йилни қабул қилиш мумкин. У ҳолда унинг ҳаёт муддати 67 - 68 ёшни ташкил қилади.

            Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганлигига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Ибн ан-Надим (X аср), Ибн ал-Қифтий (XII-XII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Ҳожи Халифа (XVII аср) каби Шарқ фиҳристчилари уни ўз асарларида эслатадилар. 

            "Байт ул-ҳикма"да тахминан 840 йилга қадар тадқиқотлар олиб борган Аҳмад Фарғоний кейинчалик Дамашқ ва Қохирада чуқур илмий ва амалий ишларни давом эттириб, самарали ижоди билан катта шуҳрат қозонди. Ўшандан буён бутун дунёда унинг асарларига бўлган қизиқиш давом этиб келмоқда. XII асрдаёқ испан олимлари кремонлик Герардо, севильялик Иоанн унинг «Юлдузлар илми усули китоб»и асарини арабчадан лотин тилига таржима қилдилар. Ал-Фарғоний таржимонлар томонидан унга берилган «Алфраганус» номи билан дунёга танилди. Унинг лотин ва бошқа ғарб тилларига таржима қилинган  мазкур асари _Ғарбий Европада тўрт юз йил давомида фалакиёт илмидан асосий қўлланма бўлиб келди. Христафор Колумб  1492 йилда "Санта Мария" номли кема етакчилигида учта кема билан дунё океанлари оша қилган саёҳати давомида ал-Фарғонийнинг дунё харитасидан кенг фойдаланганлигини алоҳида эътироф этган. XVI асрга келиб Ғарбий Европа астрономлари уюшмаси Ойдаги кратерларнинг бирига "Алфраганус" номини беришга қарор қилган.

            Ўз давридаги аниқ фанларнинг деярли барча соҳаларида тадқиқотлар олиб бориб, юзга яқин асар яратган ал-Фарғонийнинг фақат саккизта асари бизгача етиб келганлиги маълум.  Ал-Фарғонийнинг буюк хизматларидан бири шундаки, у ўзининг "Юлдузлар илми усули китоби" асарида I асрда яшаб ўтган машҳур Клавдий Птолемейнинг фалакиёт соҳасида асосий қомус ҳисобланган "Алмагаст" асаридаги талай хатоларни аниқлаб, тўғрилаб берди. Ушбу асар яна етти номда шуҳрат қозонган. "Осмон жисмлари ҳаракати ва юлдузлар илми тўплами", "Ўттиз фаслдан иборат фалакиёт китоби", "Алмагест" муқаддимаси учун ўттизта фасл", "Осмон сфералари сабаблари", "Осмон сфераларининг тузилиши", "Алмагест" ("Алмажистий"), "Астрономия фани" номлари билан аталиб, ҳозирда унинг қўлёзмалари Бағдод (2959 олтинчи номда), Дублин (Битти, 4114), Қохира (Микат, 944, 194, 310, 311), Лейден (8418/5), Санкт-Петербург (3059/3), Москва (154/2), Оксфорд ( 1, 879/1- иккинчи номда), Париж (2504/3- учинчи ва тўртинчи номда), Принстон (Гарр, 967 - еттинчи номда), Истанбул (Ая София, 2843/2 - тўртинчи номда), Тунис (Миллат кутубхонаси, 02103/1 - иккинчи номда), Фес (Завий, 56- саккизинчи номда) каби бир қатор давлат ва шаҳар кутубхоналарида сақланмоқда.

            Ўша даврларда мусулмон мамлакатларининг олимлари, хусусан, Аҳмад ал-Фарғоний астрономияни турлича номлаганлар: "Илм ал-ҳайъа" (Шакл ҳақидаги фан"), "Илм ал-Фалак" ("Осмон сфераси ҳақидаги фан"), "Илм ал-нужум" ("Юлдузлар илми") . Охирги икки атама бир пайтнинг ўзида ҳам астрономияни, ҳам мунажжимликни ифодалаган.

Ўрта асрлардаги мусулмон мамлакатлари астрономларининиг, жумладан, улуғ ватандошимиз ал-Фарғонийнинг фанга қўшган муҳим ҳиссаси шундан иборатки, йиллар, асрлар ўтиши билан сайёрамиз ўлчамлари, шаҳарларнинг жуғрофий координаталари осмон экватори ва эклиптика орасидаги бурчакни, Қуёш, Ойнинг айланиш даврлари, уларнинг тутилишини, Қуёш, Ой ва сайёралар ҳаракатларини тавсифлашга доир ҳисоблашларга тобора кўпроқ аниқликлар киритдилар. Уларнинг юксак заковати билан бу ҳаракатларнинг ҳандасавий (геометрик) модели такомилаштирилди, қўзғалмас юлдузлар ўлчамлари, уларнинг эклиптик координаталарини ҳисоблашга доир бир қатор муаммолар ҳал этилди, ўнлаб кашфиётлар қилинди.  Бундан ташқари, Шарқда мунажжимликка оид башоратларда эклиптика ва горизонтнинг кесишув нуқтасидан келиб чиқиб, одам туғилишини ва бирон ҳодисанинг вақтини айтиб берганлар.

Аҳмад ал-Фарғоний Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги Ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида, ўз юрти Ўзбекистонда, айниқса, зўр ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади.     Улуғ ватандошимиз яратган ҳар бир асарнинг аҳамияти, унинг ҳар қайси соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, сермазмун ҳаётининг саҳифалари кўплаб мақолалар, китоблар мавзуи барча юртдошларимиз учун фахр-ифтихор манбаидир.