Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Баҳоуддин Нақшбанд

399.jpg

Баҳоуддин Нақшбанд
ҳижрий 718 (милодий 1318) йил
ҳижрий 791 (милодий 1389) йил

Муҳаммад бинни Муҳаммад Баҳоуддин ан-Нақшбанд ал-Бухорий  (кўпроқ Баҳоуддин ёки Хожа Баҳоуддин, Балогардон, Хўжаи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур) – машҳур авлиё, нақшбандия тариқатининг асосчиси 1318 йилда Бухорода таваллуд топган. У туғилган қишлоқ Қасри Ҳиндувон (кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд шарафига Қасри Орифон) деб аталган. Унинг оиласи ва фарзандлари тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Лекин Баҳоуддин Нақшбанд Муҳаммад пайғамбар авлодларига мансуб саййидзодалардан эканлиги қайд этилган.

Отаси тўқувчи ҳамда ўйма нақш солувчи (нақшбанд) бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд тақдирида бобосининг алоҳида хизмати бор. У сўфийлар билан яқин алоқада эди. Шу сабабли набирасида илоҳиётга катта қизиқиш уйғотди. Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи пири – устози Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх ёш Баҳоуддин Нақшбандни тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширди. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлгандан кейин шогирдига ижозат беради.

Баҳоуддин Нақшбанд илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб ҳозирги Қарши шаҳрига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддин Нақшбанднинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.

Баҳоуддин Нақшбанднинг деярли бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда сўфийлик билан ўтган. У икки марта ҳаж қилган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати – кимхобга нақш (гул) солиш билан кун кўрган. Хизматкор ёки қул сақлашни гуноҳ деб билган. Қуйидаги байтлар Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қаламига мансубдир:

На маро мафраш, на мафрашкаш,
На ғуломону турку туркашкаш.
Ҳама шаб чун сагони қаҳдони
Сар ба дум оварам ба хасми хуш.

 Мазмуни: на менда палос бору на уни кўтариб юрувчи киши бор. На турк ғуломларим бору на ғуломлар устидан назорат қилувчи кишига эҳтиёжим бор. Ҳар кеча худди самонхона итлари каби (яъни эгасиз итлар каби) думимни устига бошимни қўйиб ётаман (ҳамма нарсани тарк этганим учун).

Баҳоуддин Нақшбанд халқ орасида “Балогардон” (яъни халқ орасида бало-қазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдуҳолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимотининг асосида “Дил- ба ёр-у даст-ба кор” (“Кўнгил Худода бўлсину, қўл иш билан банд бўлаверсин”) деган шиор ётади.

Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса иш – меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силтамай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.

 Ҳазрат Баҳоуддин “Ҳаётнома”, “Далелул ошиқин” номли китоблар муаллифидир.

Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи халифалари Алоуддин Аттор, иккинчи халифалари Хожа Муҳаммад Порсо ( 1419 йил вафот этган) ҳисобланадилар. Бу зоти шарифнинг исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Ҳофиз ал-Бухорийдир.

Хожа Алоуддин Ғиждувоний учинчи халифалари ҳисобланади. Шайх Пирмастий, Хожа Абул Қосим Бухорийлар Баҳоуддиннинг асҳобларидирлар.

Замонасининг улуғларидан бўлган Мавлоно Муҳаммад Мискиннинг айтишича, Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан бир кун олдин муридларининг ҳаммасини Хожа Муҳаммад Порсога тобеъ бўлишини васият қилган. 1389 йили Баҳоуддин Бухоро яқинидаги Қасри Орифонда вафот этган. Жуда кўп шоирлар Ҳазрат вафотларига атаб тарих битган, лекин энг машҳури мана будир:

Рафт шоҳи Нақшбандон Хожаи дунёву дин,
Он ки буди шоҳи роҳу дину давлат миллаташ.
Маскану маъвои у чун буд Қасри Орифон,
“Қасри ирфон” з-ин сабаб омад ҳисоби реҳлаташ.

Мазмуни: дунё ва диннинг Хожаси шоҳи Нақшбанд вафот қилди, у дину давлатнинг шоҳи эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлган. Шу сабаб вафот этиш тарихи “Қасри ирфон” дан чиқади.

“Қасри ирфон” дан абжад ҳисобида 791 (1389) йил ҳосил бўлади.

Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри азалдан зиёратгоҳ ҳисобланади. Илгари амирлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта Баҳоуддин Нақшбанд даҳмасини зиёрат қилишган.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари Абдулазизхон томонидан тартибга солиниб, кўркам шаклга киритилган. Бу муборак қадамжони ободонлаштиришда Темурийлардан тортиб манғит амирларигача ўз ҳиссаларини қўшганлар. Хонақоҳ Шайбонийлар сулоласига мансуб Убайдуллохоннинг ўғли Абдулазизхон (1540-1549 йилларда ҳукмронлик қилган) томонидан 1544 – 1545 йилда қурилган Мақбара атрофида масжид, ҳовуз, қудуқ, минора, дарвозахона бор. Баҳоуддин мозорларининг кун ботар томонида Даҳмаи Шоҳон, яъни шоҳлар даҳмаси жойлашган. Бунда кўплаб Бухоро амирлари ва уларнинг авлод-аждодлари кўмилган.

Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин нақшбандия тариқати кенг ёйилди. 15-асрда Хўжа Аҳрор Убайдуллоҳ Валий бу тариқатнинг энг йирик раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби шоирлар ҳам нақшбандия тариқатида эдилар.Улар ижодида нақшбандия ғоялари кенг ва атрофлича тарғиб этилди.

Нақшбандия тариқати Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдаги таълимотга асосан шаклланган. Тариқат пирларининг асосий мақсади – пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини қайта тирилтириш. Иккинчи вазифалари эса бидъат ва хурофотга қарши курашиш. Зеро, пайғамбар алайҳиссалом: “Бидъат ва хурофотга берилганлар энг ёмон кишилардир,  бидъат- хурофотга берилган одам то уни тарк этмагунча унинг қилган савоб ишларини Тангри қабул қилмайди”, деганлар. Қалб Аллоҳнинг назаргоҳидир. Аллоҳ назаргоҳи ҳисобланган қалбни покизалаш- нақшбандия таълимотининг асл муддаосидир. “Нақш банд бар дил банд”, яъни Аллоҳ номини қалбингда нақш айла, дейилади таълимотда.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида, унинг таълимоти хусусида, нақшбандий шайхлар тўғрисида талай асарлар яратилган. Биргина Ўзбекистон ФА Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасининг ўзида нақшбандияга доир195 китоб мавжуд. Жумладан, Салоҳ ибн Муборак ал-Бухорийнинг “Анису-т-толи-бийн ва уддату –с-соликийн” (“Толиблар ошнаси ва солиқлар раҳнамоси”) асарида (1383) Нақшбанднинг ҳаёт тарзи, кашфу кароматлари ва пурҳикмат сўзларидан намуналар берилади. Бу асар “Мақомати ҳазрати Хожаи нақшбанд” номи билан юритилади. Шу муаллифнинг 4 қисмдан иборат “Маноқиби Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” (“Хожда Баҳоуддин Нақшбанднинг таъриф ва тавсифлари”) асари ҳам бор. Булардан ташқари Баҳоуддин Нақшбанднинг суюкли халифаси Хожа Муҳаммад Порсо ёзиб қолдирган бир неча асар орқали валийликнинг таърифи, Баҳоуддин Нақшбанднинг тариқатдаги илк даврлари, унинг суҳбатлари ва ҳикматли сўзлари билан танишиш, ислом ақидаси, ибодат, шариат ва тариқат аҳкомларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

1993 йили Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Баҳоуддин Нақшбанд таълимотини ўрганишга аҳамият кучайди.Бухоро давлат университети ҳузурида “Нақшбандия” илмий маркази иш бошлади. У ерда тасаввуфий-ирфоний меросни тадқиқ этиш йўлга қўйилди. Бухоро давлат музей қўриқхонасида ҳам “Нақшбандия” маркази тузилди.