Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Kutubxona tarixi

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот - кутубхона маркази 1899 йилда, улуғ рус шоири А.С.Пушкин таваллуд топган кунининг 100 йиллиги нишонланаётган кунларда халқ музейи бўлими ҳуқуқида очилган, у вақтда кутубхона жамғармаси 853 нусхадаги китоблардан ташкил топган бўлиб, китобхонлар доираси фақат шаҳар зиёлиларидан иборат бўлган.

1956 йилдан бошлаб Фарғона вилояти тарихи, иқтисоди, маданияти ва атоқли арбоблари ҳаётига оид ўлкашунослик материалларини йиғиш бўйича фаол ҳаракатлар бошланган ва ҳозирда 1500000 дан зиёд ноёб ахборот карточкаларига эга ўлкашунослик картотекаси ташкил этилган.

Кутубхона 1970 йилда 500 минг нусхага мўлжалланган уч қаватли махсус жиҳозланган ва ҳар томонлама қулай бинога кўчиб ўтди.

Шу йили кутубхонага Фарғонани жаҳон илм аҳлига танитган буюк ватандошимиз, IX асрда яшаб ижод этган ўзбек олими Аҳмад Фарғоний номи берилган. 1980 йилда эса кутубхона пештоқини фарғоналик ҳайкалтарош Айдер Алиев томонидан ишланган Аҳмад Фарғонийнинг металдан ишланган портрети безади.

1977 йили шаҳарда бўлиб ўтган сел офати оқибатида кутубхонанинг энг пастки қаватида жойлашган китоб сақлаш бўлими сув остида қолди. 300 минг нусҳадан иборат кутубхона жамғармасининг учдан бир қисми, асосан 19 аср бошида чоп этилган нодир адабиётларнинг бир неча минги, 1920-1930 йилларда босмадан чиққан газета тўпламлари ва бошқа моддий бойликлар яроқсиз аҳволга келди. Кутубхона жамғармасини қайтадан тўлдириш зарурияти туғилиб, кейинги йиллар давомида бу вазифа адо этилмоқда.

Бугунги кунда Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази Ўзбекистонда етакчи кутубхоналардан бири ҳисобланади. Кутубхона дунёдаги 50 дан ортиқ тилда ва турли ахборот ташувчилардаги 350 минг нусхага яқин универсал жамғармага эга. Кутубхонада замонавий компьютер технологияларидан фойдаланиб 700 мингдан ортиқ китобхонга хизмат кўрсатувчи 14 таркибий бўлим (7 бўлим ва 7 сектор) фаолият юритади. АКМ ходимлари ва фойдаланувчилари учун локал тармоққа уланган ги 73 компьютер хизмат кўрсатади. Учта сервер Интернетга чиқиш ва АКМ маълумотлар базаларидан фойдаланишни таъминлайди, шунингдек, йиғма электрон каталог ва шахсий маълумотлар базаларини яратиш устида фаол иш олиб борилмоқда.

Комплектлашдан тортиб то китоб беришгача бўлган барча кутубхона жараёнлари автоматлаштирилган. Барча ходимлар компьютерда, автоматлашган иш жойларида ҳамда офис техникаси билан ишлаш кўникмаларига эга.

АКМ кутубхона ахборот ресурсларидан бугун барча максимал даражада фойдалана олишини таъминлашга, кутубхонанинг ноёб жамғармасини келгуси авлод учун сақлашга интилмоқда.

Бугун кутубхона – бу фойдаланувчилар учун барча қулай шароитлар яратилган таълим ва мулоқот маркази, турли инсонлар учрашадиган жой. Кутубхонада доимий равишда китоб ва мутолаани тарғиб қилувчи турли тадбирлар ўтказиб борилади, акция, машҳур кишилар билан учрашувлар, бадиий кечалар, турли-туман кўргазмалар шулар жумласидандир. Компьютер саводхонлиги курслари, маънавият соатлари, хорижий тилларни ўрганиш клублари ва саломатлик клуби фаолиятлари фарғоналиклар ўртасида жуда машҳурдир.

АКМ виртуал оламда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, бу - кутубхона ҳақида ва кўрсатиладиган барча хизматлар ҳақида  маълумотлар берувчи ferlibrary.uz сайтидир. Унда  нафақат анъанавий хизматлар балки “Кутубхоначидан сўранг”  маълумотнома хизмати, виртуал қабулхоналар, тўлиқ матнли электрон ресурслар, нашрни буюртма қилиш ва олиш каби интерактив хизматлар ҳам амалга оширилади.

АКМ шунингдек, ижтимоий тармоқлар – www.facebook.com, www.instagram.com, www.telegram.com, www.youtube.comwww.twitter.com саҳифаларида вилоят АКМнинг саҳифалари яратилди ва доимий китоб тарғиботи олиб борилмоқда. Кутубхона ҳаётидаги янгиликлар, вилоятимизнинг машҳур кишилари билан учрашув каби тадбирлар фейсбук, телеграм, инстаграм, твиттер  каби ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам ёритиб борилмоқда.

Жумладан, www.facebook.comдаги АКМ саҳифасида #erkinkamera, #menkitobuqishnisevaman, #kutubxonameninghayotimda лойиҳалари амалга оширилмоқда ва бу ёшлар орасида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Бугун АКМ ўз китобхонлари билан биргаликда шахдам одимлаб, анъаналарни ардоқлаб ва фаолиятнинг янги йўналишларини ривожлантира бориб, келажакка ишонч билан қарамоқда.